Манчестерда супералмаштириш: Оле Гуннар Сульшер ҳақида батафсил
«Фергюсоннинг мураббий сифатидаги охирги ўйини 5:5 ҳисобида тугаганди – у учун фаолиятининг мукаммал якуни. Мен ҳам футболчиларнинг худди шундай ҳаракат қилишларини, Дунёдани энг зўр мухлислар қаршисида футбол ўйнашни яхши кўрадиган болалардек завқ олишларини истайман» (Оле Гуннар Сульшер)
2013 йилнинг май ойида Алекс Фергюсон мураббийликдан кетгач, «Манчестер Юнайтед» бошқа бир шотландиялик Давид Мойес билан олти йиллик шартнома имзолади. Ҳали ўша шартнома муддати тугагани йўқ, «Юнайтед»да эса, Мойесдан кейин яна 3 мураббий ишлаб улгурди. Тўртинчи, яъни Фергюсондан кейин «Олд Траффорд»га таклиф этилган бешинчи мураббий 19 декабрь куни расман эълон қилинди. У футболчи сифатида шу ерда афсонага айланган, норвегиялик мутахассис Оле Гуннар Сульшердир. Хўш, у ҳақида нималарни биламиз? Унинг қўл остида, умуман яқин келажакда «Манчестер Юнайтед»дан нималарни кутиш мумкин? Шу саволларга жавоб излаб кўрамиз.
«СУПЕРЗАХИРА»
Оле Гуннар Сульшер «Манчестер Юнайтед»нинг энг ёрқин йилларидан бир парча ҳисобланади. Зеро, «Бавария»га қарши ЕЧЛ финалидаги ўша афсонавий гол ҳам айнан Оле томонидан урилган. Ўша ўйин, умуман жуда кўп учрашувларда захирадан тушиб, «Манчестер Юнайтед»нинг жонига оро кирган собиқ ҳужумчи энди мураббий сифатида мавсум ярмидан ёрдамга келди.
Сульшер 1973 йилда Норвегиянинг Кристиансун шаҳарчасида туғилган. Унинг отаси Ойвинд кураш бўйича мамлакат чемпиони саналади. Футболдаги илк сабоқларини учинчи лигадаги маҳаллий клубда олган Оле 1995 йилда «Мольде»га ўтади. Юқори дивизондаги илк мавсумида 42 ўйиндан 31 гол урган ва «норвегиялик Алан Ширер» лақабига лойиқ кўрилган ёш ҳужумчи Европанинг машҳур клублари назарига тушади ва уларнинг орасида «Манчестер Юнайтед» ҳам бор эди.
1996 йилнинг ёзида Фергюсон футболчи учун 1,5 миллион фунтдан воз кечишга рози бўлади. «Блэкберн»га қарши ўзининг дебют ўйинида гол уришга муваффақ бўлган Оле тезда жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бирига айланади ва илк мавсумдаёқ 19 гол билан жамоа бомбардири бўлади. Қизиғи, Сульшер Манчестердаги сўнгги голини ҳам айнан «Блэкберн»га қарши ўйинда, 2007 йилнинг март ойида урган.
Ўша афсонавий 1998/99 мавсуми олдидан Сульшернинг Манчестерни тарк этиши ҳақида хабарлар кўпайиб кетганди. Сабаби, ўшанда клуб Дуайт Йорк билан 12 миллионлик шартнома тузган ва катта эҳтимол билан норвегиялик ҳужумчи захирада қолиши мумкин эди. Фергюсоннинг ишончи ва мухлисларнинг қувватлаши билан Сульшер жамоада қолишга ва асосий таркиб учун курашишга бел боғлайди. Ўшанда «МЮ»да Коул-Йорк жуфтлиги ҳақиқатан ҳам асосий ўринга чиқиб қолгандир, аммо бу шароитларда ҳам Сульшер ўзига хос ролини топа олди. «Ливерпуль»га қарши кубок учрашувидаги ҳал қилувчи гол, ва албатта, «Бавария» дарвозасига урилган ўша машҳур голлар Сульшерни «Юнайтеднинг суперзахираси»га айлантиради.
Юқорида тилга олинган ҳужумчилардан кейин, клуб жамоага Рууд ван Нистелройни, Роналдуни, Рунини, Саани ва бошқа бир қатор ҳужумчиларни олиб келди, аммо доим Сульшер ўз ўрнига эга бўлди, 2007 йилгача «Олд Траффорд»да қолиб, олти карра АПЛ чемпионига айланди. Шунингдек, бир қатор рекорд кўрсаткичлар қайд этди. Масалан, у 150 марта захирадан майдонга тушиб, 28 гол муаллифи бўлган. «Нотингем Форест»га қарши ўйинда эса, у иккинчи бўлимда майдонга тушиб, тўрт гол уради ва бу борада Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам киради.
МУРАББИЙЛИК
Моуриньо истеъфога чиқарилган куни «МЮ» мавсум охиригача мураббийлик вазифаси Майкл Каррикка топширилгани ҳақида хабар берганди. Кўпчилик Каррикнинг тайинланишини «Реал»даги Зидан ва Солари ёки «Барселона»да бир пайтлар Пепнинг келишига ўхшатишди ва оптимистик қарашлар пайдо бўлди. Аммо эътибор берсак, Майклнинг ҳолати юқоридаги номларникидан фарқ қилади. Агар ўхшатиш мумкин бўлса, Пеп ёки Зиданнинг тайинланишига айнан Сульшер варианти яқинроқ. Чунки, Майкл Каррик фақат Моуриньонинг ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатган, мустақил равишда бирор жамоани шуғуллантириш тажрибаси йўқ. Сульшер эса, худди Зидан ёки Пеп сингари, ўз вақтида «Манчестер Юнайтед»нинг ёшлар жамоасига устозлик қилган.
2007 йилда «Манчестер Юнайтед»да ўринбосарлар таркиби ҳужумчиларини шуғуллантирган Сульшер мустақил мураббийлик фаолиятини айнан шу ерда бошлади. 2008 йилдан у ёшлар жамоасини шуғуллантира бошлади ва ҳатто жамоа финалда «Ливерпуль» устидан ғалаба қозониб, Катта Ланкашир кубогини (1969 йилдан бери илк маротаба) қўлга киритди. Кейинги йили шу таркиби билан захира жамоалар ўртасидаги Премьер Лигани ҳам ютиб олди. Ўша жамоа таркибида ҳозирда «Манчестер Юнайтед»нинг етакчиси бўлган Пол Погба ва албатта, Жесси Лингарднинг ҳам борлигини алоҳида таъкидлаш керак. Сульшернинг айтишича, ўша пайтларда у академиядаги Маркус Рэшфордни ҳам кузатган, фақат у 3-4 ёш кичик бўлгани учун, ўз жамоасида ўйнатиб кўришга улгурмаган.
2010 йилда у «Мольде» бош мураббийига айланди ва илк мавсумдаёқ собиқ жамоасини тарихда илк бор мамлакат чемпионига айлантирди. Кейинги мавсумда ҳам «Мольде» Норвегия чемпионига айланди, бир йил ўтиб, у клуб билан учинчи соврин – Норвегия кубогига эга чиқди.
Ўз ватанидаги муваффақиятли меҳнат мураббийга АПЛ томонидан ҳам қизиқишга сабаб бўлди. 2014 йилнинг январида мавсумни жуда ёмон бошлаб, турнир жадвалини сўнгги поғонасида бораётган «Кардифф» уни «қутқарувчи» сифатида таклиф этди. Аммо Сульшернинг Англияда омади келмади. Дастлаб у уэльсликларни Премьер Лигада олиб қололмади, келаси мавсумда Чемпионшипдаги натижалар ҳам қониқарли бўлмагач, сентябрь ойидаёқ истеъфога чиқарилди.
2015 йилнинг октябрида у «Мольде» билан янги, уч ярим йиллик шартнома имзолади. Иккинчи давр худди биринчисидек муваффақиятли чиқмади, сабаби, «Русенборг» энди анча кучайган ва чемпионатдаги гегемонликни ўз қўлига олганди.
19 декабрь куни «Манчестер Юнайтед» Сульшер билан алоқага чиқди ва йил охиригача клуб бош мураббийлигини таклиф қилди. Норвегия чемпионати март ойигача танаффусга чиққанини эътиборга олсак, «Мольде» билан келишувда муаммо бўлмади. Норвегия клуби, хабарларда келтирилишича, 500 минг фунтдан камроқ пул эвазига бош мураббийини «ижарага бериб турадиган» бўлди. Агар Сульшер билан шартнома узайтириладиган бўлса, «Мольде» яна қўшимча маблағга эга бўлади. Зеро, маълум бўлишича, Сульшернинг «Мольде» билан шартномасида «агар «Манчестер Юнайтед»дан таклиф бўлса, қаршиликсиз қўйиб юборилиши ҳақида» алоҳида банд бор экан.
«ОЛД ТРАФФОРД»ГА ҚАЙТИШ
Сульшернинг «Олд Траффорд»даги дебюти 26 декабрь, «Боксинг дэй» куни бўлади. Яъни, клуб раҳбарлари мухлислар учун ўзига хос байрам совғаси тайёрлашди, дейиш мумкин. Илк ўйин эса, сафарда, бир пайтда Сульшер бош мураббий сифатида фаолият кўрсатган «Кардифф»га қарши бўлиб ўтади.
Клубнинг ҳозирда бўш бўлган Зидан ёки Конте каби номзодлар билан шошилинч музокарага киришмай, мавсум охиригача вақтинча мураббий тайинлагани шуни кўрсатмоқдаки, клубда нафақат мураббий, шунингдек ишлаш тизими, ривожланиш йўналишлари ҳам янгича ташкил қилиниши мумкин. Хусусан, шу пайтгача клубда мавжуд бўлмаган спорт директори лавозими ҳам ташкил қилинмоқда, ҳатто бу вазифа учун бир қатор номзодлар билан мунозаралар бошланди. Спорт директори тайинлаш борасида Сэр Алекс Фергюсон бевосида ўзи иштирокчи бўлаётгани эса, вазиятга нақадар жиддий қаралаётганига исботдир. Демак, клуб «МЮ»нинг муваффақиятли йилларида аҳамиятли бўлган факторлар бўйича иш олиб боради – ҳужумкор футбол, ёш футболчиларга эътибор бериш, ақлли трансферлар энг муҳим нуқталардир.
Бугунги жамоани мана шу йўналишга тайёрлаш ва «Манчестер Юнайтед» ДНКсини уйғотиш учун ҳам, айнан Сульшер каби буни ичкаридан яхши ҳис қила оладиган одам керак эди. Албатта, Майкл Каррик ҳам «МЮ»нинг «ўз одами», лекин тажрибалироқ Сульшерга мурожаат қилинганидан яна бир нарсани тушуниш мумкин – клуб раҳбарияти учун бу мавсум ҳам бутунлай якунланмади: албатта, жамоа ўзи иштирок этаётган турнирларда муваффақият қозониш, АПЛда кучли тўртлик учун ҳам ҳаракат қилиш вазифасини ҳеч ким кун тартибидан олмайди.
Ҳаммасини жуда позитив нуқтада бошлаш ва жамоа билан танишиш учун жуда қулай фурсат. Тўғри, АПЛда энг қийин палла бошланмоқда, жамоа 11 кун ичида 4 ўйинда майдонга тушади. Аммо рақиблар янги ўйинга мослашиш, мураббий услубига мосланиш учун қулайроқ эканини таъкидлаш керак. Юқорида тилга олинган «Кардифф» ва «Ҳаддерсфилд»дан ташқари, «Борнмут» ва «Ньюкасл»га қарши ўйинлар бор. Кейин эса, Англия Кубогида «Рединг» билан «Олд Траффорд»да ўйин бўлади. Яъни, 13 январь куни «Тоттенҳэм»га сафар олдидан 5 ўйинда Сульшер муҳим ўйинлар учун пойдевор қўйиб олиши, жамоа билан яқиндан танишиши мумкин. Сўнгги пайтлардаги натижалар эса, ҳеч бўлмаса, илк фурсатларда Сульшерни ортиқча босимдан ҳам халос қилади.
«Қисқа вақтда 3-4 ўйинда майдонга тушиш жамоа учун муаммо туғдирмаслиги керак, чунки бизда 23-24 нафар савияли футболчилар бор. Уларни яқиндан кузатиш, турли босим ва шароитларда ўзларини қандай намойиш қилишларини кўришим мумкин. Футболчилардан «Манчестер Юнайтед» футболчиси бўлиш имкониятидан қандай фойдаланмоқчи эканликларини намойиш қилиш талаб этилади», – деди Сульшер бу вазият ҳақида саволга жавобан.
КЕЛАЖАК
Фергюсондан кейинги даврда Сульшер каби вақтинчалик мураббий ҳолати бўлган. 2013/14 мавсум сўнгида Давид Мойес истеъфога чиқарилади ва чемпионат тугашига 4 тур қолганда бошқа бир «Олд Траффорд» афсонаси Райан Гиггз футбол ўйнаш билан биргаликда, бош мураббийликни ҳам ўз қўлига олади. Тўрт учрашувда икки ғалаба, бир мағлубият ва бир дуранг. Гиггз бу лавозимда вақтинча эканини билиб турган ва мавсум сўнггида Луи ван Гаал жамоага таклиф этилган. Аммо Гиггзнинг Луига ёрдамчи бўлиб қолиши ва нидерландиялик мутахассисдан сўнг, айнан Райан бош мураббий сифатида ишлаши режалаштирилганди. Аммо Луининг «Олд Траффорд»даги фаолияти у қадар муваффақиятли чиқмади, унинг ўрнига келган Моуриньо эса, бошқа ёрдамчилар билан ишлашни маъқул кўрди.
Сульшернинг ҳолати Гиггзникидан фарқ қилади. Олдинда уни бемақсад тўрт ўйин эмас, АПЛда кучли тўртликка кириш, Англия кубоги ва Европа Чемпионлар Лигасидаги масъулиятли учрашувлар кутиб турибди. Яъни, оқибатда Сульшер раҳбарият ва футболчиларни тўлиқ қаноатлантириши ва яна бир неча йилга бу лавозимда қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Аммо бугун Сульшер ўзининг вақтинчалик эканини билади. «Манчестер Юнайтед» бемалол Почеттино ёки Зидан билан музокаралар ўтказиши, бундай хабарлар матбуотларда тез-тез пайдо бўлиши мумкин – бундай ҳолат Сульшерга ҳам у қадар ёмон таъсир қилмайди. «МЮ» раҳбарлари эса, шошилмасдан музокараларда орқаларида Сульшердек «козир» билан ҳаракат қилишлари мумкин. Яъни, Манчестерда ҳозир ҳеч ким мағлуб бўлмайдиган вариант ҳукм сурмоқда.
Футболчиларни бошқариш нуқтаи назаридан эса, Сульшерда янада осон позицияда турибди. Сўнгги ойларда «МЮ»да ҳар бир футболчи ўз даражасидан анча ёмон ўйнаганда ҳам, бош айбдор сифатида Жозе Моурниьо тилга олинаверди. Футболчилар эса, ҳеч қандай босимни ҳис қилмаган ҳолда мағлуб бўлаверишди, мотивация камайди. Ҳеч қайси ўйинчи ўз даражасида юқори ўйнолмади. Янги мураббий билан эса, босим янада ошади. Энди масалан, Сульшер ҳар қандай футболчини таркибга киритмаслиги мумкин. Бу қарорда мураббий айбланмайди, «Жозе даврида ҳам бу футболчи ўйнолмаётганди, демак гап ўзида экан, мураббийда эмас», деб тушунилаверади. Қайсидир футболчининг яхшироқ ўйнаб кетиши эса, мураббийнинг ютуғи сифатида баҳоланади. Демак, энди ҳар бир футболчи Сульшер қўл остида энг яхши ўйинини кўрсатиши шарт – бу унинг келажагига катта таъсир этишини сеза олса, албатта.
«Мен мураббий бўлганимда, ўйинни Пол Погба атрофида қурган бўлардим», – бу ҳам Сульшернинг бир пайтлар, Манчестерга келмасидан олдин айтган фикрлари. Демак, ёшлигидан франциялик юлдузни таниган Сульшер даврида Погба яна эски даражасига чиқиши керак. Умуман, Погба, Санчес, Марсиял, Шоу каби креатив футболчилар айнан Жозе Моуриньонинг ўйин услубидан норози бўлишган, бунинг натижасида асосий таркибга тушиш борасида муаммолар вужудга келганди.
«Сульшер аслида Моуриньо эмас, Лукакунинг ўрнига келиши керак эди», – интернетнинг ҳазиллари тинмаяпти. Иккинчи мавсумида бироз тезлик йўқотган бўлсада Ромелу ҳам балки Сульшернинг асосий қуроли бўлиши мумкин. Ўйин услуби унга ўхшаб кетадиган Эрлинг Ҳоланд «Мольде»да асосий фигуралардан бири бўлган ва 18 ёшли ҳужумчи ишончни оқлай олганди.
Шунингдек, Сульшер билан бирга жамоага Майк Фэлан қайтгани ҳам жуда муҳим воқеа. Фэлан ўз вақтида Фергюсон штабида асосий фигуралардан бири бўлган, кейин эса, Мойес келиши билан Манчестерни тарк этганди. У худди Мелестен каби мустақил шуғулланиб кўрди, «Норвич» ва «Ҳалл Сити» каби клубларда ишлаб тажриба орттирди. Унинг ҳам «Олд Траффорд»га қайтиши, Манчестерда нимадир тубдан ўзгариш арафасида эканидан дарак бермоқда.
УСЛУБ
«Манчестер Юнайтед» анъаналарини ҳис қила олиш ва уларга содиқлик – Сульшернинг бошқа баъзи ҳамкасблардан кўра ажратиб турган асосий жиҳатлардан бири шу, албатта. Аммо мураббий қандай футбол ғояларини тарғиб қилади ва қандай фалсафага эга, бу ҳам муҳим. Жозе Моуриньо бир пайтлар «Барселона» тизимида ишлаганига ишониш қийин, тўғрими?
Шу ўринда Оле Гуннар Сульшернинг айнан Сэр Алекс фалсафасининг давомчиси эканини пайқаса бўлади. У футболдаги илк мураббийлик фаолиятига Фергюсон бошқарган «МЮ»нинг резерв жамоасини шуғуллантириш билан бошлаган. Демак, ёшлардан асосий таркибга мос ва ўхшаш фалсафада тўп суриш талаб этилишини ҳисобга олсак, Сульшерни бемалол Фергюсоннинг шогирди дейишимиз мумкин. Унинг «Мольде»даги ишлари ҳам шу йўналишда давом этган, ҳатто бир куни у Норвегияда ўзининг кичик «Юнайтед»ини қурганини ҳам айтиб берганди.
Биринчидан, у футболчилик пайтида ҳужумда тўп сурган. Кўпинча, захирада ўтирган футболчилардан яхши мураббий чиқиши, ҳақида ҳазил гаплар юради. Сульшерга келганда, бу фаразнинг жиддий исботини кўриш мумкин.
«Мен захира ўриндиғида ўтириб, рақиб ҳимоячиларини кузатардим. Қайси ҳимоячи қаерда кўпроқ хато қиляпти, қайси бири кўпроқ чарчади, қайси бири билан юқори қаватда курашмаслик лозим – шу саволларга жавоб ахтарардим. Майдонга тушиш пайтим келганда эса, тўплаган «маълумотларим» менга асқотарди», – деган эди ўйинга самарали қўшила олиш сирлари ҳақида сўралганда Сульшер.
Яъни, ундаги таҳлилий, мураббийча фикрлар ўша пайтлардан бери бўлган ва албатта, унинг фаолиятида ҳужумларни ташкил қилиш катта аҳамият касб этади.
«Манчестер Юнайте«»га тайинланиши аниқ бўлган ҳамоно, ижтимоий тармоқларда унинг «Мольде»даги машғулотлардан бирида футболчиларга берган танбеҳи айлана бошлади. Албатта, Жозенинг ҳимоявий услубидан зериккан мухлислар учун Сульшернинг қандай ғояларни тарғиб қилиши жуда қизиқ туюлади.
«Сен нега дарвозага тепмаяпсан? Сени голдан атиги 18 ярд масофа ажратиб турганида, тўпни тепиш ўрнига, бошқага пас беришга бало борми?», – шогирдига шунақа маънода бақириб танбеҳ бераётган Сульшер манчестерлик мухлислар учун чиндан ҳам «қутқарувчи» қиёфасида кўриниб кетгани табиий.
Умуман олганда эса, Сульшерни Моуриньо ёки айтайлик, Гвардиола сингари, маълум бир йўналишга тобе дейиш ҳам хато. Унинг «Мольде»си Норвегия чемпионатида тўпни назорат қилиш, тўп узатмалар миқдори, гол уриш, кроослар, рақиб майдонидаги прессинг ва яна бир қатор кўрсаткичлар бўйича ўртамиёна кўрсаткичлар қайд этган. Яъни, «Мольде» маълум бир жиҳатга урғу қаратмаган, аксинча, Сульшернинг услуби кўпроқ тактик мослашувчан ва ўзгарувчан. Рақибнинг ҳолатига қараб қарши ҳужумда ҳам, тўп назорати ёки юқори прессингда ҳам ўйнаш мумкин.
«Мен алоҳида услуб ҳақида гапирмоқчи эмасман. «Манчестер Юнайтед» ихтиёридаги футболчилар қайси услубда яхшироқ ўзларини кўрсата олишса, шунга мурожаат қиламан. Мақсадим уларга ғалаба қозонишни сингдириш», – Сульшернинг бу гаплари бироз нокамтарликдек туюлса-да, «Манчестер Юнайтед»га бошқача менталитетдаги мураббийнинг ишлаши тасаввурга сиғмайди.
Қаҳрамон Асланов
Сиз авторизациядан ўтмагансиз. Шарҳ қўшиш учун сайтга киринг.